Фирибгарнинг силлиқ ваъдаси – Сизга қўйилган тузоқ, фирибгарга алданманг! | bagatdistrict.uz

 2024-02-19 10:21:00 130 Chop etish

Фирибгарнинг силлиқ ваъдаси – Сизга қўйилган тузоқ, фирибгарга алданманг!

Инсонлар ўзаро бир-бирлари билан муомала қилар экан, улар орасида турли хил муносабатлар ўрнатилади. Айримлар соф, ҳалол йўл билан, ўзгалар ҳақидан қўрққан ҳолда бу муносабатни ўрнатса, айримлар инсонларнинг соддалиги, ишонувчанлигини суиистеъмол қилади. Бундайларнинг ҳам жамиятда ўз номи бор: фирибгарлар ва товламачилар.

Сўнгги вақтларда фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар ортгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ишлар ижтимоий тармоқларда ва ОАВлар жуда кўп айлангани бор гап.

Ачинарлиси шундаки, шунча воқеалардан кейин ҳам фирибгарлик жинояти ёхуд фирибгар ва ё товламачи қармоғига илинаётган ватандошлар сони камайиб қолаётгани йўқ. Қолаверса, тараққиёт юксалгани сари фирибгарликнинг янгидан янги турлари ҳам қайд этилмоқда. Ахборот технологиялари, интернет орқали амалга оширилаётган фирибгарликлар ҳам кўп учраяпти. Сўнгги 20 йилликнинг яна бир фирибгарлиги – бу фарзандининг олий ўқув юрти талабаси бўлиши орзусидаги ота-онага нисбатан қилинмоқда.

Жорий йилнинг январь ойида жиноят ишлари бўйича Боғот туман судида ҳам худди шунга ўхшаш фирибгарлик жинояти билан боғлиқ иш кўриб чиқилди.

Хусусан, муқаддам ҳам фирибгарлик жинояти учун судланган С.Ж (аёл киши) яна нафси ҳаккалак отиб, содда фуқароларни ўз домига илинтириб, енгил-елпи пул топишни ўйлади ва ўз мақсади йўлида фуқаро Ф.Р билан учрашиб, унинг синглиси Ш.Рни Қирғизистон Республикасида жойлашган университетда ўқиб юрганлигидан фойдаланиб, унинг ўқишини келгусида Урганч давлат Университетига кўчириб беришини айтиб, алдаб, ишончига кириб, унинг 1.800 АҚШ доллари ва 8 млн         295 минг сўм пулларини олган ва ушбу пулларни шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборган.

Шунингдек, у, фуқаро М.Р билан ҳам учрашиб, унинг қизи Х.Рни Россия Федерациясида жойлашган университетда ўқиб юрганлигидан фойдаланиб, кейинчалик унинг ўқишини келгусида давом қилдириши учун Урганч Давлат Университетига ўқишга кўчириб беришини айтиб, алдаб, унинг ишончига кириб, ўқишини кўчириб бериб билмасада, ўқишини кўчириб бериш эвазига унинг         1.800 АҚШ доллари ва давлатга тўланиши лозим бўлган контракт пули учун деб        8 млн 135 минг сўм пулларини олган ва ушбу пулларни ҳам шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборган.

 Шу каби, у, фуқаро Р.А билан учрашиб, уни Қирғизистон Республикасида жойлашган университетга ўқишга жойлаштириб бериш эвазига алдаб 400 минг сўм пулини, кейинчалик унинг ушбу университетда ўқиб юрганлигини айтиб, алдаб, ўқишини келгусида давом қилдириши учун Урганч Давлат Университетига ўқишга кўчириб беришини айтиб, алдаб, унинг ишончига кириб 400 АҚШ долларини ва давлатга тўланиши лозим бўлган контракт пули учун деб яна 200 АҚШ доллари ҳамда 3 млн 700 минг сўм пулларини олган ва ушбу пулларни шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборган.

Бундан ташқари, у, фуқаро У.Э билан учрашиб, унинг қизи М.Ани Хива шаҳрида жойлашган “Маъмун” университетида ўқиб юрганлигидан фойдаланиб, кейинчалик унинг ўқишини келгусида давом қилдириши учун Урганч Давлат Университетига ўқишга кўчириб беришини айтиб, алдаб, унинг ишончига кириб, 1.800 АҚШ доллари ва давлатга тўланиши лозим бўлган контракт пули учун деб        6 млн сўм пулларини олган ва ушбу пулларни шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юбориб, фуқароларга берган ваъдаларини бажармаган ҳамда Ф.Р, М.Р, У.Э ва Р.Аларга етказилган зарарларни қоплаб бермаган.

Жиноят ишлари бўйича Боғот туман судида судланувчи С.Жга оид жиноят иши кўриб чиқилиб, уни Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 3 (уч) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва судланувчи С.Жамоладдиновага нисбатан қўлланилган “шахсий кафиллик” эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, дарҳол суд залидан қамоққа олиниши ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Хўш, шу ерда бир савол туғилади: Фирибгарлар домига тушаётганлар шунчалик соддами ёки фирибгарлар бошқаларни ўта гўл ҳисоблашадими?

Ҳозирги кунда содир этилаётган фирибгарликлар ичида пул олди-бердиси, чет элга ишга юборишни ваъда қилиш, ўқишга киритишга доир алдовлар кўпайган.

Мазкур жиноятларни кўпи эса аёллар, муқаддам судланганлар ва ишламайдиганлар ҳиссасига тўғри келади.

Фирибгарларнинг ўзлари ҳам ўзларини “фирибгар” деб билишадими, тан олишадими? Йўқ, албатта. Уларнинг ҳеч бири қилмишини тан олмайди, аксинча, мақсади одамларга ёрдам бериш бўлганини таъкидлашади.

Биз жамият сифатида мақсадга кимнидир алдаш ёки қайсидир фирибгарга мурожаат қилиш билан эмас, мушкул ва мураккаб кўринса-да, ҳалол меҳнат орқали эришишни тарғиб қилишимиз, фарзандларимизни тўғри йўналтиришимиз лозим.

Сўнги сўзимиз эса, фирибгарга алданманг, ўзингизни ва яқинларингизни асранг!