Савол: Вояга етмаган шахслар жиноят содир қилса, уларга қандай жазо тайинланиши мумкин? | bagatdistrict.uz

 2023-11-16 01:07:00 122 Chop etish

Савол: Вояга етмаган шахслар жиноят содир қилса, уларга қандай жазо тайинланиши мумкин?

- Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 81-моддасига мувофиқ, жиноят содир этган вояга етмаган шахсларга, яъни ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга қуйидаги асосий жазолар қўлланилиши мумкин:
а) жарима;
а1) мажбурий жамоат ишлари;
б) ахлоқ тузатиш ишлари;
в1) озодликни чеклаш;
г) озодликдан маҳрум қилиш.
Ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўшимча жазолар тайинланиши мумкин эмас.

Савол: Ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарлик борми?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддасига кўра ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш жинояти учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра:
Қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш —
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларни қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш —
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят ишлари бўйича
Боғот туман судининг раиси Ҳ.Саидов